Веб-контентга кириш имконияти

Шрифт ўлчами

Саҳифа ўлчами


Рақамли технологиялар

2024 йил 9-октябр

Рақамли технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳа корхоналарида ягона рақамли бошқарув муҳитини яратиш, маълумотларни марказлаштирилган тарзда таҳлил қилиш ва бизнес жараёнларни оптималлаштириш мақсадида илғор ахборот тизимлари босқичма-босқич жорий этилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Барча IT дастурларни бир жойга йиғиб, молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини таҳлил қиладиган “Аналитик марказ”лар ташкил этилди ҳамда техник ускуналар билан жиҳозланди.

“Навоийазот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ, “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКда “1С” дастури платформаси асосида молиявий режалаштириш, шартномалар ижроси, ғазначилик тўловлари, харидлар, савдо операциялари ва комплаенс назорати тизимлари рақамлаштирилди.

Мазкур модулларни жорий қилиш натижасида қуйидаги имкониятлар яратилди:

  • корхоналарнинг бизнес-режалари ва харид лимитлари шакллантирилди ҳамда йил давомида ундан чиқмаслиги автоматик тарзда назорат қилинмоқда;
  • ҳар бир харид ҳужжатларини шакллантириш, тўплаш, тасдиқлатиш ва ижрога йўналтириш босқичлари рақамлаштирилди;
  • бизнес режада мавжуд бўлмаган ёки омборхонада ҳисобга олинган маҳсулотларни қўшимча харид қилинишига чеклов қўйилди;
  • харид модули орқали шакллантирилган ҳужжатлар асосида қўшимча молиявий ва комплаенс текширувларни ўтказиш, биржа савдоларига чиқариш ва банк тўловларини амалга ошириш узвий боғланди;
  • биржа савдоларига тайёр маҳсулот сотуви лотларини эълон қилиш, сотиш шартномаларини автоматик олиш, омборхоналарга ўғит етказилиши ва харидорларга юкланиши назорат қилиш жараёнлари яхлит тизимда ташкил қилинди.

Соҳа маълумотларини жамлаш ва таҳлил қилиш мақсадида яхлит бизнес таҳлил ахборот тизими (Dashboard) ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда барча корхоналарнинг омборхоналарида маҳсулот айланмаси, кредитор-дебитор қарздорликлари, импорт ва экспорт қилинган маҳсулотлар, банкда пул айланмаси, инвестицион лойиҳалар, молиявий модель, энергоресурслар сарфи, солиқ қарздорликлари ва экин экилиш майдонлари тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилиниши йўлга қўйилди.

Тармоқ корхоналарига тегишли маълумотларни жамлаш ва мониторинг қилиш бўйича 21 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция ишлари тўлиқ якунланди. Маълумотлар ишончлилигини ошириш ва бизнес жараёнларни автоматлаштириш мақсадида Товар хом-ашё биржаси, Электрон кооперация портали, XT-харид, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Агробанк, ЎзГазТрейд, Трансгаз, Ҳудудгаз, Ҳудудий электр тармоқлари, Сувтаъминот, Темир йўллари, Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирувчи операторлари ҳамда кимё саноати корхоналарининг маълумотлар базалари ўзаро интеграцияси йўлга қўйилди.

Хусусан:

  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигидан инвестицион лойиҳалар маълумотлари олинади;
  • “Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси” АЖ, “Ҳаёт биржа” АЖ, “Рақамли трансформация маркази” МЧЖларнинг биржа савдолари натижаларини онлайн мониторинги йўлга қўйилди;
  • “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Агробанк” ва “Асакабанк” АЖ тизимлари билан банк амалиётлари тарихи ва пул айланмаси бўйича маълумотлар олинмоқда;
  • Божхона қўмитасидан импорт ва экспорт қилинган кимё маҳсулотлари маълумотлари онлайн олинмоқда;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “CropAgro” ахборот тизимидан фермерлар, экин майдонлари ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари олинмоқда;
  • “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “UzGazTrade” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖлардан энергия ресурсларининг марказий ҳисоблагичлари кўрсаткичларини онлайн мониторинги ташкил қилинди;
  • “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимлари билан интеграция натижасида кимё маҳсулотлари ҳаракатини ва вагонлар жойлашувини мониторинг қилиш имконияти шакллантирилмоқда.

Шунингдек, “Фарғонаазот” АЖнинг 46 та, “Навоийазот” АЖнинг 31 та, “Максам-Чирчиқ” АЖнинг 2 та, “Аммофос-Максам” АЖнинг 2 та, “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг 2 та, “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖнинг 3 та, “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКнинг 2 та ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари (АСУТП) маълумотлари Аналитик марказ экранларига чиқарилди. Барча ишлаб чиқариш цехларининг видео камералари тасвирларини онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилди.

Ваколатли омборхоналарнинг фаолиятини рақамлаштириш мақсадида “Менинг омборим” платформаси ва мобил ускуналар учун дастурлари ишлаб чиқарилди. Ушбу тизимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни омборхоналарга юборилиши, биржа савдолари орқали ютиб олинган лотлар, реал режимда маҳсулот кирими ва чиқими маълумотларини ва зарурий маҳсулотлар миқдорини режалаштириш имконияти шакллантирилди. Омборхона вакилларига ҳисобварақаларини автоматик шакллантириш қулайлиги яратилди. Ҳозирда мазкур тизим орқали ваколатли омборхоналар томонидан кунига 2000 тага яқин кирим ва чиқим амалиётлари амалга оширилмоқда.

Корхоналарнинг тайёр маҳсулотлари сақланаётган барча ваколатли омборхоналарнинг кузатув камералари “Аналитик марказ”га уланди.

“Аналитик марказ” тизимидаги маълумотлар асосида сунъий интеллект моделлари шакллантирилди, сунъий интеллект билан мулоқот учун чат-бот яратилди ва model training бўйича ишлар якунланиб, тизим тўлиқ ишга туширилди.

“Аналитик марказ” тизимида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ваколатли омборхоналарга етказилиши, улардан биржа савдоларига қўйилган минерал ўғитлар савдоси, харидорларга ўз вақтида олиб кетилиши бўйича хабарномалар юбориш ҳамда омборлардаги товар қолдиқларини ўзгариши бўйича автоматик огоҳлантириш тизими жорий қилинди.

Тармоқ корхоналарининг молиявий ҳолатини ва прогнозлаштириш имконини берувчи “Молиявий модель” модули ишга туширилди.

Охирги янгиланган вақти: 2026 йил 24-май


Улашиш:
Юклаб олиш: